Деҳқонободда органик чиқиндидан биогаз олиняпти Жаҳонда биогаз олиш технологиясининг 60 дан ортиқ тури мавжуд. Улар орасида кенг тарқалгани махсус ускуналарда органик моддаларни бижғитиш усулидир. Қишлоқ шароитида бу усул орқали кичик ҳажмдаги биогаз қурилмаларини ўрнатиш жуда қулай. Мутахассисларнинг фикрича, ҳар бир қорамол чиқиндисидан бир кунда 4,2 куб метргача биогаз олиш мумкин. Бошқача айтганда, битта қорамол чиқиндисидан олинадиган кунлик биогаз қарийб 10 килограмм ёғоч-ўтин ёки 5 килограмм кўмир энергиясига тўғри келади. Ургут туманининг Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Чингиз Баротов яқинда хонадонида кичик ҳажмдаги биогаз қурилмаси ўрнатган эди. Ҳозирги кунда ушбу қурилма орқали 10 га яқин қорамол чиқиндисидан маҳалла ҳудудидаги 150 ўринга мўлжалланган боғчага биогаз етказиб берилмоқда. - Хитойда ҳар бир хонадонда биогаз бор, - дейди “UZBIOGAZ” МЧЖ раҳбари Алижон Темиров. – Улар органик чиқиндилардан унумли фойдаланиб, ҳам фойда кўради, ҳам ўз эҳтиёжи учун ишлатади. Бу тажрибани ўрганиш мақсадида Хитойга бордим ва хитойлик мутахассислар билан тажриба алмашиб, биогаз қурилмалари ишлаб чиқарувчи цех ташкил қилдим. Ҳозир биогаз қурилмаларини ишлаб чиқариш билан бирга эксперимент сифатида фойдаланяпмиз. Айни пайтда вилоятимизда бўлиб турган республика ишчи гуруҳи Президент маслаҳатчиси Б.Исломов, Ички ишлар вазири П.Бобожонов, Бош прокурор ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори Ш.Узоқов ҳамда вилоят мутасаддилари Ургут туманидаги “UZBIOGAZ” МЧЖ фаолияти билан танишди. Шунингдек, Совғон маҳалласида “Яшил ҳудуд” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, Деҳқонобод маҳалласидаги мактабгача таълим муассасасида болажонлар учун яратилган шароитлар, Нисбот маҳалласида доривор ўсимлик етиштириб, қадоқловчи “Мамаджон Нурафшон” хусусий корхонаси, “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги “Sam electro service” корхонаси фаолияти ўрганилди. Бундан ташқари, ўрганиш давомида Сариқтепа маҳалласидаги 48мактабда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Мерганча маҳалласидаги 154-мактабда учрашув ўтказилиб, ўқувчиларга китоблар совға қилинди.